пятница, 13 сентября 2013 г.

Тўғри қилдинг, Анзур!



Анзур Исмоилов тўп ёнига истар истамас яқинлашди. Ва унча кучли бўлмаган зарба билан тўпни тўппа тўғри тўғри Иордан дарвозабони қўлига тепди. Стадион увиллаб юборди. Кимдир бошини чангаллади, кимдир юрагини.

Гарчи улар ўзи истамаган бўлса ҳам Анзур тўпни урмасдан, Мурод Зуҳуров қайтармасдан тўғри  қилди, менимча. Тизимда шунча камчилигимиз ва футболга ножиддий муносабатимиз билан кейинги босқичга чиқишимиз катта адолатсизлик бўларди.

Аввало, терма жамоани шакллантирган ва ғолиблик руҳи олиб кирган мураббийни бир кунда алмаштиришди ва унинг ўрнига савияси ундан баланд бўлмаган мураббийни олиб келиб қўйишди. Бу яккам дуккам учрайдиган шахсий фикр эмас. Абрамов олингани тўғрисидаги қарорни тушунолмай қолиб бу ҳақда ёзган журналист ва бир тўп мухлисларнинг қараши.

Бу нарсага Ўзбекистон футбол федерацияси жўяли изоҳ беришни ўзига эп кўрмади. Агар Абрамов ростдан ҳам термага лойиқ бўлмаса, унда нима учун икки йил олдин мувафаққиятсизлиги учун олиб ташланган мураббий Қосимов яна қайтарилди. Икки йилнинг ичида одам тажрибали бўлиб кетиши мумкинми?

Агар Абрамов лойиқ кўрилмаган экан, нима учун хориждан малакали мураббий чақирилмади. Маблағ йўқмиди ёки бошқа омиллар бормиди, дея сўрайди футбол сайтларида зор қақшаб юрган мухлислар.

Афсуски бу каби аламли саволларга мутасаддилар жавоб беришни ўзларига эп билишмайди. Чунки биз мухлисларнинг уларга тўғридан тўғри таъсир ўтказиш имкониятимиз йўқ. Раҳбар ва унинг ёрдамчиларини биз сайламаймиз.

Иккинчидан, терма жамоанинг ўйини ва мураббийни танқид қилувчи журналистлар халқ ўртасида сазойи қилинди. Бу ишга ҳатто мураббийнинг ўзи ҳам қўшилиб кетди.

Журналист Хайрулло Холиқовга интервью берган Миржалол Қосимов танқидга тўғри муносабатда бўлиб келганини айтди. Аммо шахсиятга тегувчи гап сўзлар бўлса асло қабул қилолмаслигини билдирди.

Бироқ терма жамоа мураббийи қаерда унинг шахсияти танқид қилингани борасида жўяли бир гап айтмади.

Гарчи 18 июнда Қатарни ютган ҳолда Жаҳон чемпионатига тўғри тўғри чиқиш имконияти йўқолгач эртаси куни stadion.uz сайтида пайдо бўлган мақолаларнинг айримларида Қосимовнинг мураббийлик жиҳати асосли гаплар билан танқид қилинганди.

Ўша сайтдаги айрим мақолалар эса аксинча, Қосимовга яна имконият берилиши кераклигини айтганди.

Ҳаммасига Ризаев айбдор 

Ушбу асосли танқидларга жавоб беришнинг ўрнига Қосимов уларни ўзига нисбатан “кампания” дея қабул қилди. Ва ушбу кампанияга ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаевнинг замин ҳозирлаб берганини таъкидлади.

“Хитойда эканлигимизда бир воқеа содир бўлди. Аммо уни кенг жамоатчиликка дастурхон қилиб ёймоқчи эмасман. Фақат бир жумла билан тушунтираман: терма матбуот котиби ўз шахсий муаммосини жамоа режасидан устун қўйди ва натижада мен бош мураббий сифатида бунга кескин муносабатда бўлдим. Шундан кейин у нафақат мени ҳимоя қилиш, балки менга қарши “кампания” бошланишига ҳам шароит яратиб берди. Бор гап шу”, - деган Қосимов.

“Кампания” бошланишига шароит яратиб берган ЎФФ матбуот котиби бу борада арқонни узоқроқ ташлади. Твиттердаги саҳифаси орқали ушбу гапларга олдиндаги муҳим ўйинлар ўтгач бафуржа жавоб беришини айтди ва терма жамоани чалғитишдан тийилди.   

Агар ўша пайти Санжар Ризаев ҳам ушбу маш машаларга қўшилганда ҳаммамиз футбол кўрмай томоша кўриб ётган бўлардик. Жаноб Ризаев ҳалиям кеч эмас J.
Футболда ўзимизни кўрсатолмагандан кейин ёқалашиб кўрсатайлик J

Кўпчилик футбол мухлислари, мураббий гапини майдонда жамоа ўйини билан кўрсатиши кераклигини айтишади. Ўйинни қойиллатиб ундан кейин танқидлар асоссиз бўлса сўз ўйинига киришса ярашади. Аммо бизда ҳали ҳеч нарсани ҳал қилмасдан, боз устига тайёр йўлланмани бериб қўйиб журналистларнинг асосли танқидларига уларни камситиш билан жавоб берилди.

Бу ишга айрим гуруҳлар федерация президентини ҳам аралаштиришни йўлини топишди. Бу маш машалардан бехабар Мираброр Усманов ҳудди ёзиб берилган матнни ўқиб берган нотиқдек журналистларни телевидение орқали тузлади.

Бу сафар Қосимовни “ҳақорат” қилган журналистлар салкам ватан хоинлигида айбланди. Аслида Қосимовни ҳеч ким ҳақорат қилгани йўқ.

Балки терма жамоанинг олдинги мураббийи Вадим Абрамов айрим журналистлар томонидан “мўйлов”, “армани” дея ҳақорат қилинарди. Бироқ унинг ҳимояси учун на федерация президенти ва на терма жамолар маркази директори ўртага тушмаган эди.

“Футбол шарҳи” кўрсатувига берган интервьюсида жаноб Усмонов конструктив бўлган ҳар қандай танқидларни кўтаришини ва унинг устида ишлашини маълум қилди.

Футбол сайтларида бу каби танқидлар эса неча йилдан бери чиқиб келади, аммо ҳали бирор марта мутасаддилар томонидан ўрганилиб жавоб берилгани йўқ.

Бу каби мақолалар бирор ваколати йўқ бўлган мухлисларнинг овунчоғига айланган, холос.

Учинчидан, ўзбек футболининг жонкуяри айни пайтда жўяли чиқишлари билан мухлисларга манзур бўлаётган журналистлар ўзига устоз деб билувчи шахс бугун эътиқоди учун қамоқда ўтирибди. Ўзбек футболининг жонкуяри Хайрулла Ҳамидов Зарафшондаги қамоқхонада жазосини ўтаб турган бир маҳалда, ҳеч нарсадан хабари йўқдек Жаҳон чемпионатига чиқиб кетсак инсофдан бўлмасди, менимча.

Уни буни қўйинг, бирорта ўртоқлик ўйини ўтказмасдан жиддий тайёргарлик кўрган Иорданияни ютмоқчи бўлдикми. Хитойни ҳисобга олмаганда ўзи охирги марта қачон жиддийроқ жамоалар билан ўртоқлик ўйнадик?

Менимча, Туркия давлати бизга фақат қардош халқ бўлганимиз учун футбол ўйнашга розилик берганди. Аммо спортга алоқаси бўлмаган шахсларнинг аралашуви туфайли ушбу ўйин қолдирилди.

Натижада, терма жамоа муҳим ўйин олдидан асосий ўйинчиларсиз оқ ва кўкка бўлиниб ўйнади. Ўйинда хет трикка эришган Жамшид Искандеровнинг хизматидан асосий ўйинда деярли фойдаланилмади. Бунисига нима дейсиз?

Кимни алдаяпмиз? Менимча ўзимиздан бошқа ҳеч кимни.

Мамлакатда футболга муносабат ўлда жўлда бўлиб турганда жаҳон чемпионатига чиқсак адолатдан бўлмасди. ЎФФ президенти бир вақтнинг ўзида Миллий Олимпия қўмитасини бошқаради, яна сенаторлик қилади ва бизнес билан шуғулланади.

Тўртта ишни бирдан қилаётган одамга Миржалол Қосимовнинг қандай мураббийлиги, мухлисларнинг дод войи, чипта муаммоси умуман қизиқ эмас. Бунга вақти ҳам йўқ.

Қосимов ўйин тугаши билан истеъфо беришини билдирди. Аммо бу ишга масъул бўлган Мираброр Усмонов масалани хатто ҳали қараб ҳам кўрмаган.

Шу йилнинг охирида федерация президентлигига сайловлар бўлиб ўтиши керак. Умид қиламизки, ўта банд бўлган амалдор Мираброр Усмонов бу сафар ўз номзодини қўймайди. Балки миллионларнинг севимли спорт тури бўлган футболга кўпроқ вақтини ажрата оладиган шахс келади.

Мана шу омиллар бўла туриб ЖЧга чиқиб кетсак катта хато бўларди. Шунинг учун тўғри қилдинг, Анзур.

@zokiruzbek

Комментариев нет:

Отправить комментарий