суббота, 11 января 2014 г.

Йўқотганларимиз ва топганларимиз




Совет Иттифоқ ўлкасининг ҳар бир бурчагида учратиш мумкин бўлган колхоз ва совхоз деган аҳоли яшаш пунктларидан бўламан сўрасангиз.

Оддий бир совхозда: кинотеатр, маданият саройи, ҳаммом, 3 та болалар боғчаси, бир ўрис тилли ва бир ўзбек тилли мактаб ҳамда техникум бўларди.

Совхоз асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган бўлса ҳам у ердаги шароитлар унча мунча шаҳарлардан кам бўлмасди. 

Ҳар бир хонадонга кирган марказий отопление, иссиқ совуқ сув, канализация, узлуксиз газ ва свет.

Шундай вақтлар бўлганки, гугурт сотиб олишга эриниб оловни йўқотиб қўймаслик учун газ кечаю кундуз бемақсад ёниб ётарди. Унинг мақсади ўчиб қолмаслик, ўчиб қолса уй эгаси гугурт топиш учун ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Нақадар дангаса қилиб қўйган экана бу шароитлар бизни.

Далада ишлашни истамаган одамлар, совхоздаги пахта заводида, басоножка ва тўр сетка ишлаб чиқарувчи корхона, чорва фермаси, ем корхонаси ёки озиқ овқат сақлашга мўлжалланган катталиги стадиондай келадиган омборларда ишлаши мумкин эди. Бундан ташқари ЦРМ, иккиталаб гараж деган жойлар ҳам бўлардики, техникани озроқ тушунсангиз бас.

Қишлоқ хўжалигидаги экинларнинг ранг баранглигини айтмайсизми. Бир карта узумзор, бир карта олхўри ва олмазор. Бир картага бир йил пахта экилса келаси йил ерга дам бериш мақсадида беда, маккажўхори каби экин экилади.
 
Пазик, "ботинка" русумли автобуслар туманга қатновчи ягона восита эди 
Тиниб тинчимас корейслар эрта баҳордан пленка остига тарвуз ва пиёз экишарди.

Юқори кўрсатилган жойларнинг бирортасида ҳам ишлашни истамасанг марҳамат қилиб уйда мол боқ. Ем хашак истаганингча, сув деган муаммо йўқ.

Ўша пайтдаги молларни айтмайсизми, семизлигидан усти теп текис бўлиб юрарди, фермадаги зотдор моллар эса бутун совхоз қолиб туманни ҳам сут ва қаймоқ билан таъминларди.

Ҳозир бу нарсаларни ёшларга айтсанг, эртак тўқиманг деб ишонмайди.

Мафкурачи дўстим эса, “буларнинг ҳаммаси ниманинг эвазига бўлганини биласизми. Топган бойлигимизни Москва ташиб кетган, зиёлиларимизни, амалдорларимизни қатағон қилган”, дейди.


Йўқотганларимиз

Аввало совхоз, колхоз, молхоз  деган номларни йўқотдик. Ширкат хўжалиги. Жамоа хўжалиги деган номлар пайдо бўлди. Совхоз ўзи билан бирга кўп нарсани олиб кетиб қолди.

Ўрис тилли мактаб ўзбекчага айланди, энди Россияга кетаётган битирувчиларимиз тил билмай қийналаяпти.

Учта боғчанинг иккитаси, техникум ва ҳаммом уй қилиб берилди. Клуб эчки боқиладиган жой бўлди. Тўр сетка ишлаб чиқарувчи корхона ва озиқ овқат омборининг пиши ғиштларини билан бетонларини одамлар ташиб кетди.


Отопления ишламай, занг босган батареялари кимнингдир уйида зинага кимнингдир уйида яна бир жиҳозга айланди. Уй ичидаги ванналар эса молга ем тайёрлайдиган идишга айлантирилди.

Қувурлардан газ ва сув келмай қўйди. Свет истаса йўқлаб истамаса йўқламай қўйди.

Ўзинг учун ўл етим, Ўз уйингни ўзинг таъминла, деган шиорлар мода бўлди.

Ўрислар кўчиб кетди, кўчиб кетса ҳам майли ортидан маҳаллий халқнинг 40 фоизини эргаштириб кетди. Бир вақтлар колхозда обрўли механизатор бўлган Қўлдош акани бугун Россияда дабдабали қилиб гастарбайтер деб иззат қилишади.

Қолганлари ва топганларимиз

Завод бир амаллаб қолди. Ичига кирсангиз гўёки 41 йилдан қолган аппаратларга ўхшайди. Лекин механикларга раҳмат, эплаб сеплаб ишлатиб туришибди.

Шўри кўтарилган ер қолди. Энди бу ерларга 100 гектарлаб беда ёки маккажўхори экилмайди. Олхўри ва узумзорларни кўрмайсиз.

Бу ерларга юртнинг ғалла мустақиллигини таъминлаш учун Россия ва Қозоғистонда молига ем қилиб берадиган буғдой навлари ва ўзимизнинг оқ олтин – пахта экилади.

Шунинг учун ҳам энди мол боқиш ҳам муаммо бўлиб қолди. Чунки ҳашак йўқ.

Далада ишловчи олдинги бригадир, звеновод, директорнинг ҳаммаси бугунга келиб мустақил фермерга айланди.

Аввалига ҳукумат кучли жамиятдан кучли давлатга деган шиорни олиб фермерларга ерни бўлиб берди ва пахтани истаган одамингга сот деди.

Шу десангиз, фермерлар қутириб кетдику. Тагида қўшша қўшша машина, трактор, истаган одамини ишга олади, истамаганини йўқ. Менсимай кетди.

Кейин ҳукумат шиорини кучли давлатдан кучлироқ давлатга дея ўзгартирди.

Фермерларга қоғозда ерни қолдирди, лекин амалда орқасидаги иштонини ҳам тортиб олди. Қулодорлик давлатига ўтиб кетишимизга сал қолди. Шундай бўлса ҳам фемерларимизга мустақил деган тамға босилаверади.

Шу қадар мустақилки, истаса текинга тепки еб ҳам ишлайверади. Истамаса Россияга қочиб кетади. Танлов бор.

Айтмасак номардлик бўлади, 3 йилдан бери фермерларга даланинг бир чекасига кўчат экиб боғ қилишга руҳсат беришди. Тез орада болаларнинг оғзи мевага тегиб қолади.

Фермернинг қўлида ишловчиларга бироз қийин. 9 ойлик меҳнат ҳаққи, бир тонна буғдой, боғнинг орасидан 20 сотих ер. Тамом.

Топганларимиздан энг муҳими бу, совхознинг марказидаги бинони эгаллаган, Милиция таянч пункти бўлди.

Энди ҳар бир совхознинг 2-3 та ўз мелисаси бор. Бу ходимлар тартибни сақлаши билан бирга, совхозда пайдо бўла бошлаган тадбиркорлар бўрзилашиб кетмаслиги учун ўлпон олиб попугини пасайтириб туради. Тенглик, адолат бўлиши керак.

Олдин бироз дангаса, боқиманда одамларга эга бўлган бўлсак, энди анча пишиқ ва мослашувчан одамларимиз бор. 

Ёмғирдан сўнг ўсадиган қўзиқоринлардек, тегирмонлар кўпайиб кетди. Аввалига дўконнинг оппоқ ва ширин унига ўрганган одамларга тегирмон уни бироз аччиқлик қилди. Нечего, кейин ҳамма кўникди.

Орриқлигидан бир тепсанг йиқилиб кетаман деган сигирларимиз пайдо бўлди. Улар ҳам мослашди. Олдин кўк беда ва силос еб ҳеч кимни менсимай қўйган бу моллар, энди мусор бўлса ҳам титиб еб кетаверади. Яшаб қолиш керак. 
Мослашувчан моллар

Эплаган одам коммерсант бўлди. Дўкон шунчалар кўпайиб кетдики, охири туман ҳокимияти бир қисмини турли баҳоналар билан ёпиб бироз тартибга келтириб қўйди. Эгалари нима бўлди дейсизми. Нима қиларди, эл қатори Россияга кетди.

Кейин ҳудди коммерсантларга ўхшаб таксичилар кўпайди. Вей, запарожецда ҳам таксичилик қилса бўларкан. Бошида москвич, запарожец, жигулилар хўжайинлик қиларди.

Энди ўзимизда чиқадиган нексия, тико, матизлар эгаллашган.

Ҳукумат қонун чиқариб уларни ҳам йўқотмоқчи бўлди. Ҳамманг сариққа бўяб, мошинани ширкат номига хатлаб берасан, кейин киракашлик қиласан деди.

Мослашувчан одамлар бунга ҳам кўнди. Кейин нимадир бўлди. Балки тепадагилар пулни бўлишолмадими, ишқилиб сариқ машинани талаб қилмай қўйишди.

Яна эски тосга қайтдик.

Газсиз, ичимлик сувисиз ва светсиз ҳам яшаса бўларканей. Мослашсангиз бўлди. Элга келган тўйда, ҳамма шундай юрибдику, деган фикр мияга ўрнашади ва қарабсизки олам гулистон.

Қарая шунча нарсани йўқотибмиз, десам совхоздаги жўрам, “Буни 20 асрдан ўрта асрларга қайтиш дейилади. Бунча нарсани йўқотиш учун ҳам санъат керак”, деб катталарни мақтаб қўяди.


Сиз яшаб турган жойда нималар йўқотилиб, нималар топилди?

@zokiruzbek

3 комментария:

  1. Xaqiqatlar jamlanmasi! Qoyil Zokirbek aka ajoyib maqola uchun

    ОтветитьУдалить
  2. Yuzaki fikrlar. Ilmiy emas, balki hissiy tahlil. Hozir davlat kotarilishi uchun valyuta kerak. Shunaqa fikrlaydiganlar kopligi uchunam 70 yil yurdik birovni maqtab. Kuting, siz kormasangiz farzandlaringiz koradi. Arzimaydimi

    ОтветитьУдалить