суббота, 25 января 2014 г.

Парчалар




Жияним Россияда нақд уч йил юрди. Биринчи йили бекорга кетди. Иш тополмади, иш топса пул беришмади. 2 йил яхшигина ишлади. Қайтиб келиб бор топганини бир кунда тўйга сарфлади. Яна қариндошлардан қарз ҳам бўлиб қолди.

-         Тўйни ихчам қиламиз. Наҳорги ош деган нарса бўлмайди. Бир кун олдин худойи ва эртаси куни вечер, - дейишди.

Худойига 20 кило ош дамланди. Етмай қолди. Эртаси куни вечерда ҳам 300 одам келди.

“Водийда 20 кило ош билан бир тўй ўтиб кетади. Бунча исроф қилиб нима қилаcизлар”, - десам.

-         Одамлар гапиради, шунча элнинг ошини едик. Чақирмасак уят бўлади, - дейишди.

Келган меҳмонларни мато, тўн яна турли совғалар билан сийлашди.

Одамлар барибир гапирди. Ароғи тоза эмас экан. Худойига берган оши етмай қолибди. Дастурхонда қўлга илинадиган ҳеч нарса йўқ экан. Берган тўнини бир ой ҳам кийиб бўлмасмиш. Гапирганлар ўзининг қариндошлари бўлди.

***

-         Тинчлик бўлсин. Тинчлик бўлса ҳаммаси бўлади, дейди кўзининг ости кўкариб кетган, ҳали 40 га ҳам кирмаган ҳокимиятда ишловчи амаким.

Маъқуллайман.

“Украинани кўраяпсанми, нима бўлаяпти. Қандай ривожлансин? Тинчликнинг қадрига етиш керак”.

Гап нишонидаги давлат Украина, Миср, Ливан ёки Туркия бўлиб ўзгариб туради.  

Индамайман.

Кўз остининг кўкариб кетишига сабаб буйраги оғрийди.

-         Даволанишга вақт йўқ, кетсам ўрнимни бошқаси эгаллаши мумкин. Ҳали кичкина балиқман, - дейди.

Амакимнинг нафақат даволанишга дам олишга ҳам вақти йўқ. Эрталабдан кеч 10 гача ишда юришга тўғри келади. Тинимсиз мажлис ва сўкишлар. Замон шунақа.

-         ­Эрталабдан кечгача ишлаб, чарчаб қолмайсизми,  дейман.

Ҳамма шундай ишлаётган экан. Обед маҳали 1-2 соат бирор бўш хонага кириб мизғиб олишаркан.

“Бозор куни ҳам ишга боришга тўғри келади. Ўша куни ўзимнинг вазифам билан шуғулланишга вақт бўлади”.

Кўп ичадиган бўлиб қолган. Жуссасига қараб шунча ароқни қандай ҳазм қилиб юбораётганига ҳайрон қоламан.

- Ароқ, ишдаги муаммоларни унитишга ёрдам беради, бетни қаттиқлаштиради, -дейди.

Тинчлик бўлсин.

***

Навоийдаги курсдошим телефон қилиб қолди.

-         Силарга газ борми?
-         Ҳа, бор.
-         Бизда пасайиб қолган. Метан заправкалар кўпайиб кетаяпти. Шулар тортиб олаётганга ўхшайди, - дейди билағонлик қилиб.
-         Бундай пайтда ишда бўлардинг-ку. Эрта келиб олибсан, деб сўрайман.
-         Ишхонада свет йўқ. Қиш кунлари шундай узилиш бўлиб туради. Шунга жавоб бериб юборишди.
-         Яқинда янги ГРЭС қурилмаганмиди?
-         Қурилган. Токни афғонларга бераяпмиз. Шартномамиз бор. Яна биттаси қурилаяпти. Шунда муаммо бартараф бўлиб қолар.
-         Балким...

Инсоф берсин

***
Умид

Уйда кенжатойнинг ўқишга кириш муаммоси муҳокама қилинаяпти. Бир томон дангал гаплашиб имтиҳон вақти пулини беришни ва бошни қотирмасликни таклиф қилаяпти.

Иккинчи томон репетитор олиб тайёргарлик кўришни ва ўз кучи билан киришни маслаҳат бераяпти.

-         Йўқ, дейишди.

Ҳамма пул билан кираётган экан. Булар ҳам шундай қилиши керакмиш.

Пул бериш тарафдорлари йўлини қилиб таниш билиш орқали ўша университетнинг ректори ва проректорига чиқишди.

Ректордан ҳам проректордан ҳам бир ҳил жавоб олишди.

“Қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Фарзандингиз тайёргарлик кўриб ўзи топширсин. Репетитор тавсия қила олишимиз мумкин”.

***

Ривоят

Ўмишда адолатсиз бир подшоҳ ўтган экан. Подшоҳнинг адолатсизлигига норозилик билдириш мақсадида халқ чўкич ва кетмон олиб тоққа чиқиб кетибди.

Подшоҳ бориб қараса халқи тоғни ковлаб ётганмиш.

-         Нима қилаяпсизлар, - деб сўрабди.
-         Халифа Умар (р.а)нинг адолатини қидираяпмиз, - дейишибди.

Шунда подшоҳ ҳам кетмонни олиб бир чекадан қазий бошлабди.

-         Сен нима қилаяпсан, - дебди халойиқ.
-         Халифа Умар (р.а) давридаги одамларни излаяпман. 

@zokiruzbek

1 комментарий: