понедельник, 10 февраля 2014 г.

Губерниев синдроми

Ўрис шарҳловчиси Сочидаги қишки олимпиада ўйинлари очилишида Ўзбекистонни Тожикистон деб атадию балоларга қолди. Дмитрий Губерниев буни атайин ёки адашиб қилгандир, бизга номаълум. Аммо ижтимоий тармоқлар орқали ўзига бўлган ҳужумдан сўнг “адашдим, мен гумроҳни кечиринглар”, деб йиғлаб юборди.

Губерниевнинг адашиши интернетдаги ўзбекистонликларнинг том маънода портлашига олиб келди дейиш мумкин. Шундай тасаввур пайдо бўлдики, гўё биздаги ҳамма муаммоларга жавобгар шахс топилгандек бўлди.

Сўкканларнинг айримлари Губерниевни сўкаётган вақти таниган бўлса ажаб эмас. Шулардан биттаси менман. Олдин Губерниев деган шарҳловчи борлигини билмасдим.

Танқидчилар томонидан турли сўзлар билан ерга урилувчи оломон ўша онда нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди.

Твиттерда Губерниевнинг сўзидан кимнингдир боши оғриди, яна кимдир бўралатиб сўкди. Яна бир фаол карикатура чизишга киришиб кетди.
Фэйсбук, вконтакте Губерниевга аталган лаънатлар билан тутади.

Бунақа аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва фаоллик олдин кузатилмаганди. Қани эди бошқа муаммою камчиликларга Губерниев ҳодисасига билдирилгандек реакция кўрсатилса.

Тасаввур қилинг, газ етишмаслигидан норози твиттерчилар “Узтрансгаз” раҳбарини нишонга олса. “Халқнинг пулини олиб халққа газ бермайдиган сенми”.

“Миллатнинг табиий бойлиги бўлган газни бизни совуқда қолдириб Хитою Қирғизистонга сотаётган ким”, деган шиорларга тўла твитлар.

Кимдир “мана кўрасизлар, Узтрансгаз раҳбари газ таъминотини тўғрилаб халқдан кечирим сўрайди”, деб онт ичса.

Узтрансгаз раҳбари ҳам твиттердан аккаунт очиб, ҳаммаси тўғриланади, деб узрхонлик қилиб қолса.

“Твиттерда кечирим сўраганинг кетмайди, шу вақтгача халқни калака қилганинг учун ўзингни қўлтиғингдан ос”, деб ташлаб қолишса.

Роса комедия бўлардида.

Ёки битта мард фэйсбукдан “Автомобиль сотиш монополиясига барҳам бер, муттаҳам”, деб Ўзавтасаноат компаниясини нишонга олса. Бир куннинг ичида саҳифани минглаб одам лайк қилса. Фаоллар туни билан ухламасдан Ўзавтасаноат раҳбарининг шу пайтгача ўзи кўрмаган расмларини топиб олиб карикатура, тролл қилиб ташласа.

“Муттаҳам, қачонгача халқни аҳмоқ қиласан, ўзинг аҳмоқ”, деб ёзилган расмлар тинмай чиқиб турса. Одамлар ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай лайкларни босаверса, биргалашиб сўкаверса.

Эртаси куни Ўзавтасаноат раҳбарияти шошилинч қарор қилиб, “бугундан бошлаб барча автомобилларимиз навбатсиз, шапкасиз экспортда қандай нарх бўлса ундан ҳам арзонлаштирилган нархда сотилади”, деб эълон бериб юборса. Ана томоша!

Яна бир тоифа йўлчиларни нишонга олса. Солиқ тўлаяпмиз, йўл қани деган йўналишдаги саҳифалар очилиб кетса.

Иқтисодчи ёшлар ёнилғи сотишдан бир йилда қанча йўлга солиқ тушаётганию, лекин 10 йилга мўлжаллаб қурилган йўллар 1 йилга ҳам чидаш бермаётгани сабабларини ёзиб ташласа.

Агар мана шундай фаоллик бўлса, 2 йилнинг ичида келажагимиз буюк бўлиб кетмаса ҳам ҳавас қилгудек, бўлади. Ишанаверинг.



1 комментарий:

  1. Факат алжирайвермай ишласанг хаммасини изга туширса булади.Хамма ёкда сенга ухшаган факат нолишни биладиганлар босиб кетган. Бир иш берса ёки айёрлик килади ёки эпломейди, ётса маза киб яшаса. Унакамас ишлейсан кейин рохат киласан. Хаммаси мехнат эвазига. Мехнат киласан "Автопром"даги камчиликларни асосли эканини исботлейсан кейин бирор натижага эришса булади.

    ОтветитьУдалить