вторник, 25 февраля 2014 г.

Россия таркибига кирамизми?



23 феврал куни Ўзбекистоннинг интернетдаги ёшу қариси бир бирини зўр бериб Қизил армия ташкил топган кун билан табриклаб ётганда, Россия томондан ушбу ўлка аҳолисига “мужда” йўлланди.


Мужда шундан иборатки, Россия думаси депутати, йирик ЛДПР фракцияси лидери Владимир Жириновкий Марказий Осиё давлатларини Россия таркибига федерал округ сифатида қўшиб олишни таклиф қилди.

Жириновкий ҳаттоки 1,5 миллионлик Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олма отани ўз номи билан аташдан ор қилиб уни Чор Россияси давридаги Верный номи билан атади.

“Муҳими жанубда тинчлик бўлсин ва Ўрта Осиёда ҳеч қандай республика йўқ. Бош шаҳри Верный бўлган Ўрта Осиё федерал округи. Ҳозир уни бегона ном билан Олма ота дейишади, менинг она шаҳрим”, деди Жириновкий қатъият билан.

Дума депутати Марказий Осиёни босиб олиш ҳақида гапираркан, унинг сўзлари Россия 24 телеканали орқали ушбу ўлкаларга узатилиб турилди.    

Қизиғи Жириновкий тўғридан тўғри таҳдиди ўзбек ижтимоий тармоқларида Губерниевнинг адашганлиги каби акс садо бермади. Онда сонда твитларни айтмаса, деярли эсланмади ҳам.

Кимдир буни Жириновскийнинг зиддиятли шахси билан боғлаб “ит ҳурар карвон ўтар”, деб изоҳлаши мумкин.

Лекин унутманг, Жириновкий бизнинг тасаввуримиздаги бир девона эмас. У Марказий Осиёга ҳужум қилишга доир қарор олиши мумкин бўлган Россия думасининг таъсирли сиёсатчиларидан.

Қозоғистон шимолини Россияга қўшиб олишни Жириновкийдан бир ҳафта олдин мухолифатдаги сиёсатчи Лимонов ҳам айтган эди.

Хўш, Жириновкийнинг ушбу сўзларига Россия расмийлари қандай муносбат билдирди, дейсиз.

Давлат думаси аппарати раҳбарининг ўринбосари Юрий Шувалов дума депутатларининг ўз позицияси бўлишига ҳаққи борлигини айтиб чиқди.

Албатта, Украинадаги сўнгги ўзгаришлар Россия сиёсатчиларининг пайтавасига қурт туширди.

Россия ўзининг империалистик қарашларини очиқ номоён қила бошлади. Қримни Россия таркибига қўшиб олиш борасида жиддий расмийлар томонидан жиддий баёнотлар берила бошланди.

Бунгача ҳам Россия нефт ва газдан келаётган пулларини интеграция баҳонасида собиқ совет ўлкаларини ўзига қарам қилиш учун сарфлаётгани кузатилганди.

Жанубий Осетия ҳодисасини эслаш кифоя. Россия гўё ўз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонасида Грузиянинг таркибий қисми бўлмиш Жанубий Осетияга қўшин киритиб уни Грузия таркибидан чиқариб олган эди.

Мени хавотирга солаётгани, Россия расмийлари томонидан Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга бу каби ҳурматсизларча муносабати эътиборсиз ёки айрим ўринларда хайрихоҳлик билан қарши олинаётганидир.

Бизга олис бўлиб кўринаётган Россия томонидан хавф бир зумда эшигимиз остида пайдо бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Тожикистон ва Қирғизистон иқтисодий ночорлиги туфайли ўз ҳудудларида ўрис аскарларига жой бериб қўйиши. Ёки Қирғизистон ўз газ саноатини бутунлай ўрисларга топшираётгани хавотирли.

Қозоғистондаги Россия полигонлари ва космодроми ҳақида гапирмайин ҳам қўя қолайин. Космодром бизда деб мақтанувчи қозоқ қардошларимиз унга ҳаттоки Россиянинг руҳсатисиз эркин кира олишмайди ҳам.

Қозоғистон бозорининг Ўзбекистонга ёпилиб, Россия ишлаб чиқарувчилари учун очилаётгани ва ички конкуренция бутунлай ўлаётгани хатарлидир.

Худо кўрсатмасин, яқин келажакда Қозоғистон раҳбариятида алмашинув жараёни силлиқ кечмаса Россия ушбу алғов далғовдан ўз фойдасига фойдаланиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Бу эса бизга ҳам тўғридан тўғри хавф солиши мумкин. Ўзбекистоннинг сиёсий жараёни Қозоғистон билан ўхшаш эканлигини инобатга олсак хавф икки баробар кўпаяди.

Нима қилиш керак?

Аввало, Россияга сиёсий мафкурасини эмин эркин Ўзбекистон ҳудудида ёймаслиги учун ушбу давлатнинг телеканаллари транслациясига барҳам бериш керак.

Ўзимизнинг телеканаллар ҳозирча информацияга бўлган талабни қондира олишга қурби етмайди. Шу сабабдан ушбу бўшлиқни тўлдириш учун минтақада империалистик мақсадлари бўлмаган Украина, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистонларнинг рус тилида чиқадиган телеканаллари транслацияларига имкон бериш керак.

Яна инглиз тилида чиқувчи каналларнинг (Америкадан ташқари) транслациясига йўл очиш керак.    

Ҳозир Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдодадаги асосий ҳамкори бўлиб турибди. Ушбу улушни бошқа давлатлар эвазига камайтириш чоралари кўрилиши лозим.

Ўзбекистон ичида тадбиркорларнинг ўз ишини қилишга давлат шароит яратиши ва четдан инвестиция киришини кўпайтириши лозим.

Бунинг учун коррупцияни камайтиришга ва сўз эркинлигига йўл очишга тўғри келади.

Ана ўшанда миллионлаб аҳолимиз Россияга ишлаш учун кетмаслиги мумкин, бу эса Россиянинг бизга ўтказиши мумкин бўлган таъсир воситаларини камайтиради.


Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Биз имкониятимиздан фойдаланиб бўлдик. Эндигиси жуда қимматга тушиши мумкин. 

@zokiruzbek

Комментариев нет:

Отправить комментарий