вторник, 25 марта 2014 г.

Уйқудаги мушук




Украина инқирози, Қиримнинг халқаро ҳуқуқларга зид равишда Россия таркибига қўшиб олиниши Россиядаги кўпчилик турли қарашдаги кучларнинг Путин атрофида бирлашишига ва унинг рейтинги кўтарилишига сабаб бўлди. 

Руслар гўё ўзларига қарши чиқаётган дунё олдида бирлашаётгандек эди. Олдин Путиннинг ашаддий рақиби бўлган сиёсатчи ва твиттердаги фаоллар ҳам Путин ғоялари остида Қиримни янги тушган келинчакдек ҳимоя қила бошлашди.


Уларнинг ҳақ ёда ноҳақлиги иккинчи масала. Мени эътиборга тортгани русларнинг кўп ҳолларда якдиллиги бўлди.

Украина ва Россия ўратсидаги инқироз ўзбек жамиятини иккига бўлиб ташлади, дейиш мумкин.

Кузатувларим натижасида шундай хулосага келдимки, кўпчилик Россиянинг амалини оқламоқда.

Шундай ҳодиса биз билан такрорланиши мумкин деган фикр бу тоифани ўйлантираётгани йўқ.

Бу ўринда Ўзбекистон ҳукуматининг позициясини эътироф этмасдан илож йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги чиқарган баёнотда Ўзбекистон юзага келган вазиятнинг халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида тинч йўллар билан бартараф этиш тарафдори эканлиги айтилди.

Ва ҳудудий даҳлсизликка куч ишлатиш мақбул иш эмаслигини билдирди.
Буни Россиянинг собиқ МДҲ давлатларига босим ўтказиб турган бир маҳалда айтилган жуда ҳам жасурона баёнот дейиш мумкин.

Қуюшқондан чиқаётган Путин кўп векторлик сиёсатига амал қилувчи Қозоғистон ва ўзини кичик демократия ороли ҳисобловчи Қирғизистон давлат раҳбарларини ўзи истагандек фикр билдиришга мажбурлаётган вақтда Ўзбекистон томонидан дадил бир қадамдир.

Албатта, бу ерда президент Ислом Каримовнинг ташқи сиёсатда Россия томонидан тузилган турли интеграцион иттифоқлардан ўзини узоқроқ олиши, қўлламаслик сиёсати бугунги кунда таҳсинга лойиқ.

Бироқ жамиятимизда яна бир тоифа борки, уларнинг ҳам тутган позицияси биз учун муҳим.

Бу ўзбек мухолифатидир.

Қирим инқирози бошлангандан буён мухолифат сайтларига бу борада ўз позициясиини билдиряптими, деб тез тез кириб тураман.

Бу борада “Бирлик” партияси ўзининг harakat.net сайтида позициясини мақолаларда билдиришга ҳаракат қилган. Бироқ партиянинг Қирим борасида тутган ўрни баёнот сифатида берилмаган.

“Бирдамлик” ва Ўзбекистон халқ ҳаракатлари бу борада лом лим демаган. Фақатгина ЎХҲнинг сайтида “Озодлик”дан олиб қўйилган бир мақолани кўриш мумкин холос.
Наҳотки, мустақиллигимизга таҳдид солиши мумкин бўлган Россиянинг Қиримдаги тутган йўлига мухолифатнинг айтадиган гапи йўқ.

Уларни Ўзбекистон суверенитети ва ўзбек халқи қизиқтирадими ёки уларга фақат ҳукмдорлик керакми?

Бундай ҳолат илк марта такрорланаётгани йўқ. Тожикистон ва Қирғизистонда ГЭСларнинг қурилишига ҳам бу партия ва ҳаракатлар муносабат билдирмаган эди. Ўшанда ҳам фақатгина  “Бирлик” партияси ўз позициясини айтиб чиққан.

Мухолифат ичида анча жонли бўлган ва Европада бир икки йиғилиш ўтказган Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг позициясини эълон қилмагани, тўғриси ажаблантирди.

Бу ҳаракат ўз олдига жорий ҳукуматни ағдаришни мақсад қилган. Лекин бошқа масалалар уларни қизиқтирмайдиган кўринади.

Ушбу ҳаракатни уйқудаги мушукка қиёслаш мумкин.

Агар бу ҳаракат ёки унинг лидери борасида интернетда бирор танқидий руҳдаги мақола чоп этилса ҳаракатнинг раисидан тортиб, оддий аъзоларигача жонланиб ўзини ҳимоя қила бошлайди. Бошқа ҳолатда уйқуни давом эттиради.

Ухлаётган мушукнинг ҳам думини босмаганингизча индамай ётаверади. 

@zokiruzbek

Комментариев нет:

Отправить комментарий